Адлия вазирлигига коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро стандарт сертификати берилди

Адлия вазирлигига 11 сентябрь, жума куни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати топширилди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Tez News»га хабар берди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Хабарда айтилишича, тақдирлаш маросимида СЕRT International s.r.o’нинг Ўзбекистондаги вакили, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Коррупцияга қарши курашиш глобал лойиҳасининг вакили, Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ва Адлия вазирлиги раҳбарияти иштирок этган.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Унда иштирок этган БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска халқаро ташкилот номидан Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги барча ходимларни улкан ютуқ — ISO сертификати олгани билан табриклади. Сертификат Адлия вазирлиги фаолиятининг коррупцияга қарши стандартларга мос эканлиги ҳамда вазирликда порахўрлик ва коррупцияга қарши кураш тизими мавжудлиги учун берилганини эътироф этди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Шунингдек, СЕRT International s.r.o’нинг Ўзбекистондаги вакили Риад Ибрагимов Ўзбекистондаги давлат органлари ичида Адлия вазирлиги биринчи бўлиб мазкур халқаро сертификатни олганлигини айтиб ўтди. Бунга қўшимча, ушбу сертификат вазирликнинг коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва ташкилотлари ичида етакчи эканлигини англатишини, бошқа ташкилотлар ҳам, хоҳ у давлат ташкилоти бўлсин, хоҳ хусусий бўлсин бундай сертификациядан ўтади, дея ўз фикрларини билдирди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Маълумот учун, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди. Ушбу сертификат вазирлик фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади. ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади.

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун 5 йиллик стратегия ишлаб чиқилиши хабар берилган эди. 

Янгиликлар