Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун 5 йиллик стратегия ишлаб чиқилади
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати анжуманлар залида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурхонов Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун 5 йиллик стратегия ишлаб чиқилишини айтиб ўтган. Ушбу стратегияда Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш халқаро рейтингларидаги ўрнини яхшилаш вазифаси алоҳида қайд этиб ўтилган.
«Бунда биз нафақат халқаро рейтинглар, балки биринчи ўринда ўзимизнинг миллий рейтингларимизни ишлаб чиқишимиз керак. Aввало, Ўзбекистонда энг кўп қайси соҳа коррупциялашганини белгилаб олишимиз зарур. Ҳозиргача айрим давлат идоралари вакилларида коррупцияга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилиши керак, деган тушунча шаклланиб қолган. Бундан буёғига коррупцияга қарши курашиш учун ҳар бир давлат идораси вакили шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилади», — деди Aкмал Бурхонов.
Aкмал Бурхоновга кўра, ҳар бир давлат идорасида коррупцияга қарши курашиш мувофиқлик, яъни комплайнс назорат тизими ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, Aкмал Бурхонов янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига раҳбар этиб тайинланган. У аввал раҳбарлик қилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига Бобур Бекмуродов раис этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобур Бекмуродов йирик миллий лойиҳалар қийматининг маълум бир қисмини нодавлат ташкилотларга мониторинг учун ажратиш кераклигини айтган эди.