Бобур Бекмуродов йирик миллий лойиҳалар қийматининг маълум бир қисмини нодавлат ташкилотларга мониторинг учун ажратиш кераклигини айтди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати анжуманлар залида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Tez News» мухбири хабар берди.
Унда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Tez News» мухбирига йирик миллий лойиҳалар қийматининг маълум бир қисмини нодавлат ташкилотларга мониторинг учун ажратиш таклифи ҳақида гапирди:
«Бизнинг ҳаракат коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир нечта муҳим таклифларни илгари сурмоқчи. Хусусан, йирик миллий лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг қийматининг маълум бир қисмини нодавлат ташкилотларга мониторинг ва баҳолаш учун ажратиш масаласи. Буни биз илгари ҳам олиб чиққандик. Ҳозир ҳам шуни жамоат ташкилотлари билан маслаҳатлашяпмиз», — дейди Бекмуродов.
Бобур Бекмуродовга кўра, ҳаракатнинг ушбу соҳадаги асосий мақсади ҳар қандай йирик миллий лойиҳа амалга оширилишидан қатъий назар унинг маълум қисмини мониторинг ва назоратга ажратиш.
«Ўшанда жамоатчилик, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзи мана шу лойиҳаларни амалга оширишда коррупция ҳолатлари бўлмаслигини назорат қилишлари мумкин», — дея тушунтирди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида 27 июль, душанба куни бўлиб ўтган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати таъсисчилари йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан Бобур Бекмуродов ҳаракатга янги раис этиб сайланган эди.
Ҳаракатнинг собиқ раиси Aкмал Бурхонов янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига раҳбар этиб тайинланган.