Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилган Шайх Алоуддин Мансур вафот этди
Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилган уламо Шайх Алоуддин Мансур вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Шайх Алоуддин Мансур 1952 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув шаҳрида туғилган. Шайх Алоуддин Мансур Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлаган.
Ушбу китоб 1991—1993 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида, кейин «Ғафур Ғулом» ва «Чўлпон» нашриётларида чоп этилган. Унинг таржимаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси ўтказган танловда энг яхши деб топилган.
Шайх Алоуддин Мансур 2000 йилда Қорасув шаҳрида «Қуръони каримни ўрганиш илмий маркази»ни ташкил этиб, Қуръони Карим маъноларини рус (Алишер Аҳмад билан ҳамкорликда) ва қирғиз тилларига таржима қилган. Қирғизистонда унинг кўп жилдли «Қуръони азим тафсири» асари чоп этилган. Шайхнинг «Имом Аъзам буюк имомимиз» номли асари Ўзбекистонда чоп этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 73 ёшда вафот этган. Шунингдек, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов вафот этгани хабар қилинганди.