Самарқанд шаҳрида ақлли кутубхона ташкил этилади

«ММ Нашрлари» халқаро делегацияси вакиллари Никита Клименко ва Василеиос Влачокиракоснинг вилоят ҳокимлиги ва «Иннавоцион марказ» масъулари билан бўлган учрашувида ушбу масала муҳокама қилинди.

«Бугунги кунда юртимизда китобхонликка катта эътибор қаратилаётгани боис ёшларни сифатли ўқув қўлланмалари билан таъминлаш асосида смарт кутубхона ташкил қилмоқчимиз, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни оммалаштириш агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Солиев. – Бунинг учун кўплаб ҳамкорлар билан ишлаяпмиз. Хусусан, дунёга машҳур «ММ Нашрлари» вакиллари ҳам ҳамкорликда ишлашни таклиф қилмоқда. Улар билан кутубхона ва ўқув қўлланмалари сотиладиган замон талабларига жавоб берадиган ақлли кутубхона ташкил қилиш бўйича фикрлашиб олдик. У ерда ёшлар китоб мутолаа қилади, хорижий тилларни ўрганади, шунингдек, математика ва IT соҳасида ҳам ўз билимларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлади.

Ташкил этилиши режалаштирилган янги кутубхона жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда энг янги ўқув материллари, ўқув қуроллари, смарт манбалар, электрон материалларни намойиш қилиш учун компьютерлар, замонавий ўқув-методик китоблар, шунингдек, чет тилларни ўрганиш учун  зарур ресурслар билан таъминланади. Биринчи навбатда кутубхонада 20 мингдан ортиқ китоб ва дастурларни киритиш, электрон дастурлар тақдимотини ўтказиш учун замонавий компьютерлар ўрнатилиши ва йилига 40 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, кутубхона Самарқанд шаҳридаги мактабларга услубий ёрдам беради, электрон ўқув китоблари ва дастурлар билан таъминлашга ҳисса қўшади. Вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади.

Бу ва бошқа таклифлар ўрганилган ҳолда ақлли кутубхона ташкил этишга киришилади.

Янгиликлар