Трамп АҚШ тарихида 2 марта импичмент эълон қилинган 1-президент бўлди. Унинг тақдири Сенатда ҳал бўлади

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампга иккинчи бор импичмент эълон қилинди. Бу билан Трамп 2 марта импичмент олган 1-президент бўлди. «Meduza» президентнинг тақдири ва, умуман, АҚШдаги «қайноқ» воқеалар ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «The New York Times:»

Вакиллар палатасида нима гап?

2021 йил 13 январда АҚШ Вакиллар палатаси мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари остида амалдаги президент Дональд Трампга импичмент эълон қилиш учун овоз берди. 232 киши импичментни ёқлаб, 197 киши эса қарши овоз берган.Бундан ташқари, «ёқлаб» овоз берганлар орасида 10 нафар республикачи бор эди. Бу 1998 йилда ўз партияси аъзоси бўла туриб, Билл Клинтоннинг импичменти учун овоз берган демократлар сонидан икки баравар кўпдир.

Овоз бериш Трамп тарафдорлари томонидан Конгресс биносига бостириб киришга уринишдан бир ҳафта кейин ва унинг ваколатлари расмий тугашидан бир ҳафта олдин ўтказилди. Шу тариқа у АҚШ тарихидаги муддати давомида икки марта импичмент эълон қилинган биринчи ва, эҳтимол,  ягона президент бўлди. Биринчи импичментни Трампга Вакиллар Палатаси 2019 йил декабрида эълон қилганди (ўшанда барча республикачилар қарши овоз берган, демократлар эса кўпчиликни ташкил этган), аммо Сенат уни ҳокимиятдан четлатишдан бош тортган.

Бир кун олдин демократ конгрессменлар резолюция матнини эълон қилган. Унга кўра, Трамп ўта оғир жиноятлар ва АҚШ ҳукуматига қарши «исёнга даъват қилишда» айблаган.

Бунгача Вакиллар палатасидаги кўпчилик Конституциянинг 25-тузатишига биноан президентлик лавозимини тугатишга чақирувчи резолюциясига овоз берган. Бу Майк Пенсга ўз вазифаларини бажара олмаётган амалдаги президент лавозимини эгаллаш ҳуқуқини берарди. Аммо Пенс бу талабни бажаришдан бош тортган. Шундай қилиб, бир йилдан кўпроқ вақт ичида иккинчи марта Трампнинг импичменти масаласи Конгрессда кўрилган.

Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси соқчилар қуршовида Дональд Трампнинг иккинчи импичменти тўғрисидаги йиғилишда сўзлаганидан сўнг ўз кабинетига кириб кетмоқда, Вашингтон, 2021 йил 13 январь
Фото: «AFP»

Вакиллар палатаси спикери, демократ Нэнси Пелоси ўз нутқида Трампни «тўғридан-тўғри ва яққол таҳдид» деб атаб, унга зудлик билан импичмент эълон қилишга чақирган. Залда Вакиллар палатасининг Конгрессга бостириб киришга уриниш пайтида унда қамалиб қолган аъзолари — демократлар ва республикачилар бор бўлган. Уларнинг баъзилари, шу жумладан, бир ҳафта олдин шу залда Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаган республикачилар журналистларга «ўнг» экстремистлардан келаётган таҳдидлар ҳақида гапириб берган.

Аввалги импичментда ҳеч бир республикачи Трампга қарши овоз бермаган эди, аммо бу сафар беш нафар республикачи овоз бериш муддатидан олдин импичментни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Жумладан, собиқ вице-президент Лиз Чейнининг қизи ҳам улар сафида эди. Овозлар жараёнида уларга яна бир неча киши қўшилган.

Бошқа республикачи конгрессменлар таъкидлашича, Трамп 6 январдаги митинг чоғида бир неча кишининг ўлими билан тугаган зўравонликларга ҳеч кимни даъват қилмаган. Бундан ташқари, улар демократ сиёсатчилар 2020 йил ёзида, «Black Lives Matter» ҳаракати акциялари вақтида, супермаркетлар ва йирик дўконларга ҳужумларни қўллаб-қувватлаганини эслатиб ўтган.

Фото: «Associated Press»

Бундан ташқари, ҳам Вакиллар палатасидаги, ҳам Сенатдаги баъзи атоқли республикачилар (масалан, суд тизими бўйича Сенат қўмитаси раиси Линдзи Грэм) умумий маънода Трампни қораласа-да, импичментга қарши чиқди, чунки у, уларнинг фикрича, бундай мураккаб вақтда мамлакатни бирлаштиришга хизмат қилмайди. Бундан ташқари, Трамп ҳимоячиларининг бир қисми демократларни импичментдан сиёсий ўч олиш усули сифатида фойдаланиш бўйича хавфли прецедент яратаётганликда айблаган ва ундан сайланган президент Жо Байденга қарши фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида бевосита таҳдид қилган.

Байденнинг ўзи ҳам партиядошларининг импичмент бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватламаган. У ҳокимият топширилиши жараёнини иложи борича тезроқ якунлаб, мамлакатнинг энг жиддий муаммоси бўлган коронавирус пандемияси билан шуғулланиш ниятида. Партиялар ўртасидаги кескинликнинг ўсиши унга Сенат тасдиқлайдиган энг муҳим мансабдорларни тайинлашда халақит бериши мумкин.

Хўш, буёғига нима бўлади?

Энди Трампнинг тақдири Сенатда ҳал қилинади. У амалдаги президентга конституция моддаларини бузиш айбловларини эълон қиладиган суд ролини ўташи керак. Агар сенаторларнинг учдан икки қисми резолюциядаги ҳеч бўлмаганда битта банд бўйича айблов эълон қилишни ёқласа, президент ваколатларидан айрилади. У ҳолда назарий жиҳатдан Сенат Трампга маълум бир лавозимларни эгаллашни, жумладан, президент лавозимига қайта сайланишни ҳам тақиқлаши мумкин.

Лекин Сенатнинг янги йилдаги биринчи мажлиси 19 январда бўлиб ўтиши керак. Бу кунда Трамп ваколатлари расман тугашига бир кун қолган бўлади, холос. Сенатда кўпчилик ўринга эга бўлган республикачилар (ҳозирча, Жоржиядаги қайта сайловларда сайланган янги демократ сенаторлар ваколатлари бошлангунича) раҳбари Митч Макконнелл бу мажлисни эртароқ муддатга кўчиришдан бош тортган. Назарий жиҳатдан Сенатнинг импичмент бўйича мажлиси ҳатто Байденнинг инаугурациясидан кейин ҳам бўлиб ўтиши мумкин. Кўпчилик экспертлар фикрича, импичмент жараёнини ва у бўйича судни тартибга солувчи АҚШ конституцияси низомлари фақат давлат хизматчиларига тегишли — Трамп эса 2021 йил 20 январдан бошлаб давлат хизматчиси ҳисобланмайди.

Қандай бўлмасин, президент Сенатда суд қилиниши учун камида 2/3 овоз талаб этилади. Яъни демократлар, ҳатто тез орада қўлга киритадиган кўпчилик овозидан ташқари, камида 17 республикачини ўз томонига оғдира олиши керак. Аммо бунинг эҳтимоли жуда-жуда паст.