Трампнинг Telegram каналида «фирибгар» белгиси пайдо бўлди

Telegram мессенжерида 500 мингдан зиёд обуначига эга «Donald J. Trump» каналига қизил белги — SCAM (фирибгарлик, сохта) қўйилди.

Фото: «Aссosiated Press»

Мессенжер администрацияси Дональд Трамп номидаги канални фирибгар деб топди ва фойдаланувчиларга огоҳлантириш берди. «Диққат. Кўплаб фойдаланувчилар ушбу аккаунт фирибгарларга тегишли эканлиги ҳақида хабар бермоқда. Илтимос, эҳтиёт бўлинг, айниқса, сиздан пул сўралса», дейилади хабарда.

Шунинг учун ҳам профиль номи ёнида қизил «фирибгар» белгиси пайдо бўлди. Айни пайтда ушбу каналга ярим миллиондан ортиқ одам обуна бўлган.

Скрин: Telegram

Бироқ унинг Трампга тегишли эканлиги тўғрисида расмий тасдиқ йўқ. Айни вақтда канал Трампнинг Twitter’даги хабарлари репостларини ва Оқ уйнинг расмий пресс-релизларини эълон қилмоқда.

Аввалроқ Трампни Twitter, Facebook ва Instagram бир пайтда блоклаб қўйгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Тwitter уни бутунлай блоклаб ташлаган. Орадан бир неча кун ўтиб, Трампни блоклаш Twitter’га қимматга тушгани маълум қилинганди.

Шунингдек, YouTube ҳам Трампнинг каналини блоклаб қўйган.