Трампни Twitter, Facebook ва Instagram бир пайтда блоклаб қўйди

Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг аккаунтларини бир кунга музлатиб қўйди, Twitter эса унга 12 соатлик чеклов жорий қилди.

Фото: Getty Images

«Вашингтонда давом этаётган мисли кўрилмаган зўравонликлар натижасида Трампнинг учта твити олиб ташланди. Трампнинг аккаунти 12 соатга блоклаб қўйилди. Агар у келгусида ижтимоий тармоқ қоидаларини бузишда давом этса, аккаунти доимий равишда блокланади», дейилади Twitter хабарида.

Шунингдек, Facebook ҳам президентнинг аккаунтини 1 кунга музлатиб қўйган. «Биз Президент Трампнинг саҳифасида сиёсатимиз икки марта бузилганини аниқладик, натижада аккаунт 24 соатга блокланди», дейилади Facebook изоҳида. Айтилишича, шу вақт ичида Трамп платформада хабар юбориш имкониятини йўқотади.

Бундан ташқари, Facebook’га тегишли Instagram ижтимоий тармоғи раҳбари Адам Моссери Facebook’дан хабарни ретвит қилган ва улар бир хил қарорга келганларини таъкидлаган.