Трампни блоклаш Twitter’га қимматга тушди

Twitter акциялари 11 январь, душанба куни АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампни блокланганидан сўнг дастлабки савдоларда 8 фоиздан кўпроққа тушиб кетди. Бу савдо маълумотлари билан тасдиқланган, деб хабар берди «Korrespondent».

Фото: «Accosiated Press»

Таъкиданишича, компания олди-сотдилари 7,89 фоизга пасайиб, 47,42 долларни ташкил қилган. Бунгача пасайиш 8,3 фоизга етган эди.

Трамп аккаунтининг блокланиши ҳақидаги янгиликлардан сўнг 8 январь, жума куни Ню-Йорк фонд биржасида бўлиб ўтган қўшимча сессияда Twitter акцияларининг нархи 3,8 фоизга пасайган.

«Трампнинг аккаунтига 88 миллиондан ортиқ киши обуна бўлган, президент ижтимоий тармоқдан фаол фойдаланган ва кунига ўртача 10 та твит қолдирган. Трампнинг твитлари кўпинча молиявий бозорларга кучли таъсир кўрсатган», дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқ Дональд Трампнинг аккаунтини «зўравонликни янада қўзғатиш хавфи» сабабли доимий равишда блоклаб қўйган эди.

Фото: «EPA»

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Трамп 11 январь, душанба куни унинг аккаунтларини ижтимоий тармоқлар томонидан блокировка қилиниши юзасидан баёнот бериши кутилмоқда.

Аввалроқ Трампни Twitter, Facebook ва Instagram бир пайтда блоклаб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.