Ўзбекистонга кираётганлардан коронавирусга экспресс тест олиш тартиби 15 мартдан бекор қилинади

Ўзбекистонда аэропорт, темир йўл вокзали ва чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: podrobno.uz

Хабарга кўра, республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби 15 мартдан бошлаб бекор қилинади.

Қайд этилишича, янги тартиб бўйича:

  • ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
  • автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги
    72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, 25 мартдан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.

Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яъни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

Таъкидланишича, масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.

Янгиликлар