Андижонда 100 ёшдан ошган 56 нафар фуқаро борлиги маълум бўлди
Андижон вилоятида 1 октябрь ҳолатига кўра 59 нафар 100 ёшдан ошган фуқаро борлиги аниқланди. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 1 октябрь ҳолатига кўра 100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан ошган фуқаролар сони 794 нафарни ташкил этган. Улардан 131 нафари (16,5 фоиз) эркак ва 663 нафари (83,5 фоиз) аёл эканлиги қайд этилган.
Хабарга кўра, 100 ёшга тўлган ва ундан ошганларнинг сони ҳудудлар бўйича Қашқадарёда 143 нафар, Сурхондарёда 120 нафар, Самарқандда 78 нафар, Фарғонада 76 нафар, Тошкент вилоятида 64 нафар, Наманганда 59 нафар, Андижонда 56 нафар, Бухорода 37 нафар, Хоразмда 36 нафар, Жиззахда 31 нафар, Навоийда 27 нафар, Тошкент шаҳрида 25 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 23 нафар ҳамда Сирдарёда 19 нафарни ташкил этади.
Бундан аввал молия вазири ўринбосари пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини маълум қилгани ҳамда Ўзбекистонда 7 ой давомида 190,1 минг фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинлангани ҳақида хабар қилинган эди.
Кейинчалик Самарқандда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилгани, шунингдек, Наманганда сентябрь ойидан салкам 300 минг нафар пенсионерга оширилган миқдорда нафақа тўланиши маълум қилинганди.