Наманганда сентябрь ойидан салкам 300 минг нафар пенсионерга оширилган миқдорда нафақа тўланади
Наманган вилоятида салкам 300 минг нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчининг нафақа миқдори 1,1 баробарга оширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори оширилди.
Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида турувчи 291 670 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчининг пенсия ва ижтимоий нафақаларининг миқдори 1,1 баробарга оширилиб, сентябрь ойи учун 215,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағ учун талабнома шакллантирилган.
2020 йилнинг сентябр ойидан бошлаб қайта ҳисобланган янги миқдорда пенсия ва нафақалар тўлови учун рўйхатлар тайёрланади. Халқ банки ва тижорат банклари филиалларига ўз вақтида тақдим этилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 августгача болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор 4 мингдан зиёд оналарга нафақа берилган. Самарқандда эса 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилди.