Самарқандда тадбиркорлар устидан ноқонуний текшириш ўтказган 18 нафар мансабдор жавобгарликка тортилди

Самарқанд вилоятида тадбиркорлар устидан ноқонуний текшириш ўтказган 18 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг биринчи ярмида Самарқандда 37 019 корхона ва ташкилот (деҳқон ва фермер хўжаликларисиз) рўйхатга олинган. Шундан 94 фоизи ишлаётган, 6 фоизи ишламаётган корхоналар таснифига ўтказилган. 2019 йил 1 апрелдан текширувлар ўтказиш Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан назорат қилинади.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланиб, бундай текширувларни амалга оширган органлар ва мансабдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган. 2020 йил август ойида тадбиркорлик субъектларида таҳлил ва текшириш ўтказган мансабдор шахслардан 18 нафари суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қайд этилишича, Тойлоқ туман маъмурий судининг 2020 йил 12 июлдаги қарори билан Ургут туман давлат солиқ инспекцияси бўлим бош инспектори Ургут тумани «Мирзабоғлон савдо сервис» оилавий корхонасида текшириш ўтказганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима ундирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда сўнгги 9 ойда 6 мингдан зиёд тадбиркорлик фаолияти тикланганди. Шунингдек, Қўқон шаҳар ДХМ 16 нафар тадбиркорнинг фаолияти тикланишга ёрдам бергани хабар қилинганди.

Янгиликлар