Тошкентда қўлга олинган эркак ҳақидаги видео юзасидан изоҳ берилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эркак кишининг қўлига кишан солиб, олиб кетилаётгани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда эркак кишининг қўлга олиниши тасвирланган видео тарқалган. 2 октябрь куни Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра МЧЖлардан бирининг раҳбари Сайидали М.нинг турар жойи аниқланган. Илгарироқ, тергов олди текширувлари давомида прокуратура ходимлари томонидан мазкур МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган.

Хабарда айтилишича, Сайидали М.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқа бир МЧЖ раҳбари А.Г.дан келиб тушган ариза ҳам мавжуд бўлган. Мазкур аризада дори воситаларининг олди-сотдиси келишуви бўйича қолган маблағ тўланмаганлиги маълум қилинган.

«Тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориш кераклигини айтган. Аммо Сайидали қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатган. Шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ Сайидалининг қўлларига кишан солиб прокуратурага олиб боришга мажбур бўлган», дейилади хабарда.

Ҳозирги вақтда Миробод тумани прокуратураси томонидан тергов олди текшируви олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ромитанда қидирувда бўлган эркак Тошкентда қўлга олингани, Андижонда фоҳишалик билан шуғулланган опасини ўлдириб, ўз хонадонига кўмган ука ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар