Вобкентда «Энг китобхон мактаб» танлови бошланди

Бухоро вилояти Вобкент туманида «Энг китобхон мактаб» танлови бошланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вобкент туман ҳокимлиги туман Ички ишлар бўлими ва Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда «Энг китобхон мактаб» лойиҳаси бошланган.

Тадбирда туман халқ таълими бўлимига қарашли, мактаб директорлари, ҳуқуқ тартибот идоралари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган. Тадбир Вобкент туман ҳокимлиги йиғилишлар залида ўтказилган.

«Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда китоб ярмаркалари, кўргазмалару танловлар ташкил этилди. Тўғри, бу борадаги ишларнинг кўнгилдагидек амалга оширилишига кутилмаганда пайдо бўлган коронавирус пандемияси тўсқинлик қилди. Шундай бўлса-да, айнан карантин даврида фарзандларимизнинг илм олиши, мутолаа қилишдан тўхтаб қолмаслиги борасидаги хайрли ишлар давом этмоқда. Вобкентда ‘Энг китобхон мактаб’ лойиҳасини ана шундай эзгу ташаббус сифатида эътироф этамиз», — дейди туман халқ таълими бўлими мудири.

Фото: Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, тадбирда сўз олган Вобкент туман ички ишлар бўлими бошлиғи ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳақида тўхталиб ўтган. Лойиҳа ташаббускори Шуҳрат Охунжонов эса лойиҳани амалга ошириш шартлари ҳақида батафсил ахборот берган. Шундан сўнг тумандаги энг кекса ва ёш хотин-қизларга китоблар совға қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда вилоят ҳокими ОТМга кирган қизларга «Халқаро қизлар куни» муносабати билан диплом ва совғалар топширгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Норинда «Халқаро қизлар куни» муносабати билан фестиваль ташкил этилган.

Янгиликлар