«Ибрат» фильми Оскар мукофоти учун Ўзбекистондан номзод этиб кўрсатилди

Оскар мукофотига Ўзбекистондан илгари суриладиган фильмлар шорт-листи 13 ноябрь куни эълон қилинди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «depositphotos»

Таъкидланишича, дунёнинг нуфузли киномукофоти ҳисобланган 93-Оскар тақдирлаш маросимининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган фильмлар — Жахонгир Қосимовнинг «Ибрат», Аюб Шахобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» ва Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур «Dolby» театрида бўлиб ўтадиган нуфузли маросим танловида иштирок этиши учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини 20 ноябрь куни эълон қилади. Ўзбекистон Оскар қўмитаси янги таркибдаги аъзоларини тасдиқлади. Қўмита раиси этиб «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов тайинланган.

Қўмита аъзолари таркибидан Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббасов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Баҳтиёр Ёқубов, Фарруҳ Тўлаганов, Элдор Юлдашев, Игор Пинхасов ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуров ўрин олган.

Оскар регламентига мувофиқ, мукофотга номзод фильмларга тақдимот бўлгунга қадар телевидение ва интернет тармоғида намойиш этилмаган бўлиши талаб қилинади.

Қайд этилишича, 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Илк бор Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.

Аввалроқ «Ўзбеккино» Мустақиллик байрами муносабати билан 10 дан ортиқ фильмларнинг телепремьерасини тақдим этгани ҳақида хабар берилганди.