«Ўзбеккино» Мустақиллик байрами муносабати билан 10 дан ортиқ фильмларнинг телепремьерасини тақдим этади (видео)

Ўзбекистон Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги байрам туҳфаси сифатида 10 дан ортиқ бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларнинг миллий телевизион намойишини тақдим этади.

Мустақиллик байрами кунлари «Тенгиз», «Авлоний» бадиий фильмлари, «Қўқон шамоли» кўп қисмли фильми, «Халқ юраги», «Бастакор», «Сузук ота», «Санъатдаги санъат», «Фильм чизаётган мусаввир», «Гумбаз остидаги мўъжизалар», «Орол — дардим менинг» ҳужжатли фильмлари, «Автосаргузаштлар», «Самарқанд нони», «Зағча», «Қалдирғоч билан майна», «Чархпалак-3» ва «Чархпалак-4» мультфильмларининг миллий телепремьераси бўлиб ўтади. Шунингдек, 9 май куни телепремьераси бўлиб ўтган «Илхақ» бадиий фильми ва июнь ойида премьера қилинган «Сабр-у садоқат» сериали ҳам яна бир бор телевидение орқали намойиш этилади.

Мансур Абдухолиқовнинг «Тенгиз» бадиий фильми ҳозирда қорақалпоқ тилига ҳам дубляж қилинмоқда. Тез кунларда ушбу фильмнинг Қорақалпоғистонда ҳам катта премьераси бўлиб ўтиши кутилмоқда.  Яна бир фильм Дилмурод Масаидовнинг «Қўқон шамоли» киноасари бўлиб, унинг тақдимоти 2019 йилда бўлиб ўтган эди. Эндиликда «Қўқон шамоли» фильми асосида томошабинлар эътиборига 5 қисмли сериал тақдим этилади. Катта намойиши кутилаётган фильмлардан яна бири «Халқ юраги» ҳужжатли фильми ёш режиссёр Шоҳрух Расулов томонидан суратга олинган. Ҳужжатли фильмда Тошкентдаги Адиблар хиёбони ва у ерда ҳайкаллари ўрнатилган шоир ва ёзувчилар ҳақида ҳикоя қилинади. 2019 йил премьераси ўтказилган «Авлоний» фильми ҳам юқоридаги рўйхатдан ўрин олган. Фильм Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» асари асосида суратга олинган. Сценарий таниқли адиб Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмоновалар қаламига мансуб. Фильм режиссёри Музаффар Эркинов.

Байрам туҳфаси сифатида тақдим этилаётган фильмларнинг телевизион премьералари 29 август—5 сентябрь кунлари давлат ва нодавлат телеканалларда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

Реклама ҳуқуқи асосида

Янгиликлар