«Мен ҳаммасини қонун-қоида бўйича қилгандим». «Браво»чи Aҳмад Темиров тўйидан сўнг жаримага тортилгани ҳақида гапирди

«Браво» жамоаси актёри Aҳмад Темиров 13 декабрь куни YouTube’даги «Chotki TV» каналига берган интервьюсида карантин талабларини бузган ҳолда тўй ўтказгани учун қанча жарима тўлаганини маълум қилди.

Кадр: YouTube

Таъкидланишича, актёр карантин пайтида белгиланганидан кўп меҳмон чақиргани учун 4 миллион сўмдан кўпроқ миқдорда жарима тўлаган.

«Мен ҳаммасини қонун-қоида бўйича қилгандим. Тўйни уйда қилдим, 30 кишилик жой қилдим. Фақат одам кўпайиб кетиб қолди.

Aммо бирор ким келиб, меҳмонлар сонини санамади. Ҳеч кимдан ҳеч қандай эътироз бўлмади. Фақатгина телефонга (ижтимоий тармоқларга — таҳр.) чиқиб кетиб қолди. Aслида одам жуда кўп ҳам эмасди. Телефондаги тасвирда кўпга ўхшаниб кўриниб кетди. Шундан сўнг кўролмайдиган одамлар гапириб юборди.

Меҳмонлар кутилгандан кўпайиб, 60-70 киши бўлиб кетди. Энди бу менинг айбим эмас-ку, уларни ҳайдай олмасам», — дейди актёр.

Унинг қайд этишича, ички ишлар ходимлари ҳам вазиятга тўғри баҳо бериб, тушунтириш ишлари олиб боришган.

Эслатиб ўтамиз, «Браво» жамоаси актёри Aҳмад Темиров 9 сентябрь куни уйланганди. Тўйда жамоанинг яна бир аъзоси Шаҳло Зоирова костюм-шим кийиб, куёвжўра бўлган. Ижтимоий тармоқларда актёрнинг тўйида 30 кишидан кўп меҳмон келгани акс этган видео тарқалгач, у жаримага тортилган.

Шунингдек, Хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларига амал қилмай ўтказган тўйи учун жаримага тортилгани хабар қилинган.

Шоу-бизнес