Ўзбекистонда «тонировка» учун рухсатномани онлайн шаклда олиш имконияти яратилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатномани онлайн шаклда олиш имконияти яратилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Aвтотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини онлайн кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида белгиланган.

Фото: «Tez News»

Мазкур қарор билан автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатномани онлайн тарзда бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади. Қарорга асосан:

  • 2021 йил 1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш фақат онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади;
  • «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар:

  • автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш жараёнининг тўлиқ автоматлаштирилишини;
  • автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати ЯИДХП орқали кўрсатилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилинишини;
  • ушбу қарор билан тасдиқланаётган маъмурий регламент бўйича давлат хизмати ЯИДХП орқали жорий этилишини;
  • давлат хизматини кўрсатилганлиги учун тўланган тўловлар Давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда амалга оширилишини таъминлайди;
  • ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади.

Қарорда келтирилишича, автотранспорт воситаси орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган полоса шаклида, ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.

Қайд этилишича, рухсатнома бир йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Рухсатнома ариза берувчининг ихтиёрига кўра бир йилдан кўп муддатга ҳам берилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «тонировка» учун тўловларни бекор қилиш таклиф қилинган эди.

Янгиликлар