Индонезияда қайд этилган 6 балли зилзила оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Индонезиянинг Сулавеси оролида 15 январь, жума куни 6,2 балли зилзила содир бўлиб, оқибатда 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «EPA»

Қайд этилишича, зилзила эпицентри Мажене шаҳридан 6 километр шимоли-шарқда, 10 километр чуқурликда жойлашган.

Маженеда тўрт киши ҳалок бўлгани ва 637 киши жароҳат олгани айтилмоқда. Қўшни Мамужуда ҳам уч киши ҳалок бўлган, йигирма киши жароҳат олган. Бундан ташқари, минглаб одамлар хавфсизлик учун уйларини ташлаб қочган. Табиий офат сабаб камида 60 та бино вайрон бўлган.

Зилзила етти сония давомида кузатилган, шунингдек, 26 марта силкиниш қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 12 январга ўтар кечаси Мўғулистонда Россия билан чегара яқинида 6,5 балли кучли зилзила содир бўлган эди. Зилзила эпицентри Россиянинг Иркутск вилояти Ангарск шаҳридан 277 километр узоқликда, Хубсугул кўлида жойлашган.

Аввалроқ Туркиядаги зилзила оқибатида 40 дан ортиқ уй вайрон бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Туркия президентига ҳамдардлик билдирган.

Янгиликлар