Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг ўн иккинчи сессияси қачон ўтказилиши маълум қилинди
Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов 14 август куни «Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг олтинчи чақириқ ўн иккинчи сессиясини чақириш тўғрисида» қарор қабул қилди. Қарорга кўра, cессия 21 август куни бўлиб ўтади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг олтинчи чақириқ ўн иккинчи сессияси 21 август куни соат 9:00 да чақирилиши белгиланган.
Сессия кун тартибига қуйидаги:
— вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши юзасидан вилоят аҳлига мурожаати тўғрисида;
— вилоят прокурорининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда 2020 йил 6 ойи давомида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисида;
— вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг 2020 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида;
— халқ депутатлари вилоят кенгаши доимий комиссиясининг 2020 йил 19 июндаги (14-Д-сон) кенгаш сўрови юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосарининг ахбороти тўғрисида;
— вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлари тўғрисида;
— ташкилий ва бошқа масалалар киритилган.
Аввалроқ Самарқандда ижтимоий вазияти оғир ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга жами 47,3 миллион сўм моддий ёрдам ажратилгани, Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўзбек тили масалалари бўйича ўқув соати ўтказилгани ва вилоятда 6 ойда иқтисодий судлар тадбиркорлар фойдасига 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш бўйича ҳужжатлар қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.