Тошкентда маҳкум профилактика инспекторларини пичоқ билан қувлади

Янгиҳаёт туманида профилактика инспекторларига таҳдид қилинди.

13-август куни соат 23:00 да тунги хизматда бўлган Янгиҳаёт тумани ИИБ икки нафар профилактика инспекторлари тушган хабарга кўра, хонадонларнинг бирига боришган.

Хонадонга етиб келгач, пробация хизматида ҳисобда турувчи 35 ёшли маҳкум маст ҳолда турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни қувиб юрганини кўришган ва уни тинчлантирмоқчи бўлишган.

Бироқ маҳкум уларга фаол қаршилик кўрсатган ва бу жараёнга унинг турмуш ўртоғи ҳамда онаси аралашиб, профилактика инспекторларининг хизмат кийимларини йиртишган.

Шу пайтда маҳкум уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, иккала қўли билак соҳасини кесиб, ўзига тан жароҳати етказган ва профилактика инспекторларига пичоқ билан таҳдид қилиб, қувлаган.

Шу вақт профилактика инспекторлари томонидан қўшимча ёрдам ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари чақирилган ва жабрланган маҳкум шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ҳолат Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.