Бухорода 1-синф ўқувчиларининг барчасига «Президент совғаси» босқичма-босқич етказиб берилади

Бухорода 1-синф ўқувчиларининг барчасига «Президент совғаси» босқичма-босқич етказиб берилади, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти халқ таълими тасарруфида 536 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, 2020/2021 ўқув йилида уларда жами 330 минг 482 нафар ўқувчи таҳсил олади. Вилоятда янги ўқув йилида таълим муассасаларининг 1-синфига 34 минг 601 нафар ўқувчи қабул қилинган.

Айни пайтда анъанавий шаклда фаолият бошлаган вилоятдаги 36 та мактабнинг 1-синф ўқувчиларига «Президент совғалари» топширилган. Шунингдек, онлайн таълим олишни танлаган 1-синф ўқувчиларига эса совғалар уйларига етказиб берилади.

«Ўқувчилар ва ота-оналарнинг бир ерда тўпланиб қолишларининг олдини олиш мақсадида ‘Президент совғаси’ вазиятга қараб ҳамда фаолият бошлашига рухсат берилган бошқа мактаб ўқувчиларига ҳам навбати билан топширилиши белгиланган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларига 14 сентябрь куни «Президент совғаси» топширилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар