Ўзбекистонда 1-синф ўқувчиларига 14 сентябрь куни Президент совғаси топширилади

Ўзбекистоннинг барча мактабларида 14 сентябрь куни 1-синф ўқувчиларига Президент совғаси топширилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди, деб ёзади ЎзА.

Фото: «Халқ сўзи»

Махсус комиссия қарорига биноан пандемия шароитини ҳисобга олиб, мактабларда янги ўқув йилининг биринчи куни 14 сентябрь этиб белгиланган эди. Айни шу куни мактабларда 650 мингга яқин ўқувчига Президент совғаси топширилиши режалаштирилган.

Президент совғаси таркибидан 12 турдаги ўқув қуроллари — портфель, дафтарлар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли ва оддий қаламлар, пластилин, елим ва ўчирғич ўрин олган.

Шунингдек, вазирликнинг ЎзАга маълум қилишича, Президент совғаси масофавий шаклда ўқийдиганларга ҳам берилади. Бунда совға масофавий ўқишни танлаган 1-синф ўқувчиларининг ота-оналарига топширилади.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги пандемия шароитида мактабларга кириб-чиқиш тартибини маълум қилгани, Пешку ва Ромитандаги 6 та мактабда, Фарғонада 19 та мактабда синов тариқасида дарс жараёнлари бошлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар