Пастдарғомга Туркиядан 30 та замонавий сеялка келтирилади
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманига Туркиядан 30 та ғалла экиш сеялкалари келтирилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Пастдарғом туманидаги фермер хўжаликлари томонидан 2021 йил ҳосил учун далага ғалла уруғини сифатли қадаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бунинг учун Туркия давлатида ишлаб чиқарилган 30 та янги замонавий «Омад Стар-100» ғалла экиш сеялкалари сотиб олиш учун шартнома имзоланган. Ушбу техникаларнинг бир қисми фермерларга етказиб берилган. Қолган қисми тез кунларда келтирилиши кутилмоқда.
Ушбу сеялкалар юқори унумли бўлиб, ҳар гектар майдонга меъёрдаги 220—250 килограмм ёки 1 метр квадратга 550 дона донни аниқ ва равшан қилиб экиши маълум қилинган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида минерал ўғитлар билан озиқлантириш имкониятига ҳам эга экани таъкидланган.
Аввалроқ Пастдарғомда 2021 йил ҳосили учун салкам 18,5 минг гектар, Ғиждувонда 4891 гектар майдонга ғалла экилиши маълум қилинган эди.