«Толибон» ҳаракати етакчиси: «Афғонистон томонидан Ўзбекистонга хавф пайдо бўлишига йўл қўймаймиз»

«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдул Ғани Биродар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Доҳада бўлиб ўтаётган инклюзив музокаралар давомида Мулла Биродар минтақадаги вазият ҳамда Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига устувор масала сифатида қарашини яхши биламиз. Шу йилнинг февраль ойида ҳам Доҳада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан афғон муаммосини ижобий ҳал этиш бўйича фикр алмашган эдик.

Тинчлик музокаралари доирасида Ўзбекистонда ҳам ташриф билан бўлганмиз ва қатор юзма-юз мулоқотларда қатнашганмиз. Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун доимий равишда олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Жаноб Мирзиёевнинг тинчликни таъминлаш борасидаги кўрсатмалари, йўналишлари биз учун қадрли. Чунки расмий Тошкент бу ташаббуси билан нафақат Афғонистон ёки Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқларига тинчлик ва осуда ҳаётни таъминлашни мақсад қилганини яхши биламиз. Бугун Ўзбекистон томони Афғонистонни қайта тиклаш ишларида ҳам фаол», — дейди «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Биродар.

Шунингдек, у Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳам санаб ўтган. Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйича темир йўл, Сурхон—Пули-Хумри электр узатиш линияси каби йирик лойиҳалари таҳсинга лойиқ, дея таъкидлаган.

«Ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун ўзбекистонлик кўплаб мутахассислар Афғонистонда фаолият юритади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш хам муҳим масала. Бу жиҳатни эътибордан четда қолдирмаган холда, асосий диққатни шунга қаратамиз», — дейди «Толибон» ҳаракати етакчиси.

Бунга қўшимча у бир неча ой олдин Доҳада «Толибон» ҳаракати ва АҚШ ўртасида тинчлик шартномаси имзолангани, бу «Толибон» ҳаракати тинчлик тарафдори эканлигини кўрсатишини таъкидлаган.

«Биз келишув шартларини бажарамиз, албатта. Шу нуқтаи назардан айтишим мумкинки, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф, таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», — дейди «Толибон» ҳаракати вакили.

Шу ўринда, сўнгги йилларда Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар туфайли вайронагарчиликлар кузатилгани, афғон халқининг ҳаёти издан чиққани айтиб ўтилди. Мулла Биродар ана шу уруш талафотларини бартараф этишда қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон яқиндан ёрдам бераётганини қадрлашини маълум қилди.

«Келгусида Афғон заминида радикал кайфиятдаги гуруҳ ва ташкилотлар, террорчилик гуруҳлари бўлишига йўл қўйилмайди. Тинчлик келишувида нафақат ‘Толибон’, балки Америка томонининг ҳам мажбуриятлари бор.

Унга кўра, расмий Вашингтон Афғонистондан ўз ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетади. Ҳарбийлар мамлакатни тарк этгач, биз Афғонистонни осудалик, тинчлик уйига айлантирамиз. Мамлакатда барқарорлик ҳукм суришига эришамиз», — дейди Мулла Биродар.

Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокаралар бошланганини олқишлагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар