Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида музокаралар бошланганини олқишлади

Ўзбекистон Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Aфғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида инклюзив музокаралар бошланганини олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон «сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Aфғонистон халқи раҳбарлигида олиб борилиши лозим», деган асосий тамойилга содиқ қолади.

«Умид қиламизки, афғонлараро мулоқот ўт очишни барқарор тўхтатишга олиб келади ва натижада мамлакатда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратади», дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, ахборотда Ўзбекистон томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди ҳамда Aфғонистон халқига барқарор ва фаровон давлат барпо этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарори ва Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлаган эди.

Шунингдек, Aбдулазиз Комилов Aфғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар билан учрашгани хабар қилинди.

Янгиликлар