Aбдулазиз Комилов Aфғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар билан учрашди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов 28-август куни Тошкент шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Aфғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражадаги икки томонлама муносабатлар доирасида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Aфғонистон ташқи ишлар идораси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Aфғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий қайта қуришга эришиш йўлидаги фаол қўллаб-қувватлаши ҳамда саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон—Aфғонистон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот учун, аввалроқ Афғонистондаги қуролли ҳужум оқибатида Ўзбекистон фуқароси яраланган. Ҳолат юзасидан 20 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон ташқи ишлар вазири Ханиф Атмар билан телефон орқали мулоқот қилган.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъатининг янгиланган таркиби эълон қилинган эди.

Янгиликлар