Булунғурдаги рейдда «Isuzu» ҳайдовчисининг салкам 30 минг доллар қалбаки пул олиб юргани аниқланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида ўтказилган рейдда «Isuzu» ҳайдовчисининг салкам 30 минг доллар қалбаки пул олиб юргани аниқланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмат «Tez News»га маълум қилди.

Хабарга кўра, Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари қалбаки купюраларни муомалага киритилишини олдини олиш мақсадида Булунғур туманида жойлашган «Юқори нуқта» йўл патрул хизмати постида тезкор тадбир ўтказган.

Маълум қилинишича, тадбирда Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Х.Б. бошқарувидаги «Isuzu» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Фуқаро Х.Б.нинг ёнидан қалбакилаштирилганликда гумон қилинган, яъни айрим купюраларнинг серия рақами бир хил бўлган 29 минг 900 доллар борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати аниқлангани ҳамда Самарқанд шаҳрида айрим тунги клуб ва бар раҳбарларига маъмурий баённома тузилани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар