Самарқанд шаҳрида айрим тунги клуб ва бар раҳбарларига маъмурий баённома тузилди
Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари давомида айрим тунги клуб ва бар раҳбарларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.
Хабарга кўра, Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан шаҳардаги бир қатор объектларда ўтказилган рейд тадбирлари вақтида талабларга зид равишда иш олиб борилаётган ҳолатлар аниқланган.
Таъкидланишича, «Панжоб» маҳалласидаги тунги барда карантин қоидаларига зид равишда 29 нафар фуқарога хизмат кўрсатилаётгани аниқланган. Шунингдек, Aлишер Навоий кўчасида жойлашган тунги клубда ҳам шундай ҳол кузатилган. Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар давомида 48 нафар фуқаро шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар бўлимларига олиб келинган. Қайд этилишича, улардан 5 нафар қиз тунги клубларда раққосалик қилади.
Хабарда айтилишича, қонун бузилишига йўл қўйган тунги бар ва кафелар масъулларига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Мавзуга доир: Самарқанд шаҳрида ўтказилган тунги рейдда 133 нафар ҳайдовчи қоидабузарликлар содир этгани аниқланди
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати аниқлангани ҳамда Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.