Пастдарғомда қарзи бор 172 та хонадон газдан узиб қўйилди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида қарзи бор 172 та хонадон газдан узиб қўйилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан фойдаланилган газдан қарздор аҳоли уйлари ва улгуржи истеъмолчиларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, қарздорлиги 1 миллион сўмдан кўп бўлган аҳоли хонадонлари тармоқдан узилмоқда.
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалининг «Пастдарғомтумангаз» бўлими томонидан охирги 14 куни давомида 172 та табиий газдан қарздорлиги бор хонадон тамоқдан узиб қўйилган.
Қайд этилишича, уларнинг жами қарздорлиги 299 миллион сўмни ташкил этган. Шулардан 87 та хонадон қарздорлигини тўлаганлиги боис тармоққа қайта уланган. «Пастдарғомтумангаз» бўлими масъуллари, туманнинг 2-сектор раҳбар ходимлари билан ҳамкорликда «Номозгоҳ» ва «Комолот» маҳаллаларида рейд ўтказган. Қарздор хонадонлар тармоқдан узиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Пастдарғомда газдан қарздор 374 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилгани маълум қилинган.