Жондорда йигит ҳамқишлоғи билан ўз уйидан 3,5 млн сўмлик қорамол ўғирлади
Бухоро вилояти Жондор туманида йигит ҳамқишлоғи билан аввалдан тил бириктириб, 9 октябрга ўтар кечаси ўз уйидан 3,5 миллион сўмлик қорамолни ўғирлаган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа тумандаги «Самончуқ» МФЙда содир бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Туман ички ишлар бўлимининг тезкор ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир қилган шахслар аниқланиб, ашёвий далил бўлган қорамол ўз эгасига қайтарилган.
Маълум қилинишича, ўша кун тахминан соат 23:00 ларда жабрланувчининг ўз ўғли, 1990 йилда туғилган A.Т. жиноий шериги — ҳамқишлоқ дўсти 1993 йилда туғилган С.С. билан молхонада боғланган бир бош қорамолни ўғирлаб кетиб, қассоб танишига арзон нархда пуллаб юборган. Ҳозирда фуқаролар A.Т. ва С.С.ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Фарғонада уй эгаси ухлаб қолганидан сўнг 600 минг сўмлик буюмларни ўғирлаган меҳмон ушланди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада укасининг 8,5 минг доллардан ортиқ пулини ўғирлаган ака ушланганди. Шунингдек, Ёзёвонда «Nexia-3» салонидан телефон ва 300 долларни ўғирлаган эркак ушланди.