Ёзёвонда «Nexia-3» салонидан телефон ва 300 долларни ўғирлаган эркак ушланди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 2 октябрь куни автомашинанинг салонида бўлган телефон ҳамда 300 АҚШ долларини ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Ёзёвон туманида 2 октябрь куни фуқаро A.Ш. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, номаълум шахс «Гулистон» маҳалла ҳудудида жойлашган бозорда эшиклари қулфланмаган ҳолатда қаровсиз қолдирилган «Nexia-3» автомашинаси салонида бўлган нархи 1 миллион 400 минг сўмлик «Samsung A10» телефони ҳамда телефон ғилофи ичида бўлган 300 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни С.Э. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Aввалроқ Қўқонда телефон сотиб олмоқчи бўлган харидорни 500 АҚШ долларига «ухлатган» эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.