Қувада 10 млн сўмлик қорамол ўғирлаган икки нафар эркак ушланди

Фарғона вилояти Қува туманида 10 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган икки нафар эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 октябрь кунидан 9 октябрь кунга ўтар кечаси фуқаро Х.А. ва Ж.Э.лар «Иттифоқ» МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги дала ер майдонида қаровсиз қолдирилган 10 миллион сўмлик бир бош қорамолни яширин равишда ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ушланган фуқароларга нисбатан суд томонидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Бундан аввал Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳамда Янгиқўрғонда от нархини келишолмаган эркак қўшнисининг қовурғасини синдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Чустда 59 миллион сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилгани ва Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олингани маълум қилинди.

Янгиликлар