Янгиқўрғонда от нархини келишолмаган эркак қўшнисининг қовурғасини синдирди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 9 октябрь куни қўшниси билан от нархини баҳолашда келишолай, қўшнисига тан жароҳати етказган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 9 октябрь куни соат 19:30 ларда Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган эркак қўшниси 1964 йилда туғилган фуқаро билан от нархини баҳолашда келишмовчиликка бориб, ўзаро жанжаллашиб, қўли билан ўнг кўкрак соҳасига урган. Натижада 1964 йилда туғилган фуқаро оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида 1964 йилда туғилган фуқаро ўнг томон кўкрак қовурғаларини синиб силжиши, гемопневмоторокс жароҳатлар аниқланган бўлиб, ушбу жароҳатлар оғир тан жароҳати тоифасига кириши кўрсатилган.
Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 9 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Aввалроқ Наманганда руҳий носоғлом шахс 5-синф ўқувчисини уриб, тан жароҳат етказгани ҳақида хабар берилганди.