Қўқонда телефон сотиб олмоқчи бўлган харидорни 500 долларга «ухлатган» эркак ушланди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида телефон сотиб олмоқчи бўлган харидорни 500 долларга «ухлатган» эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 сентябрь куни фуқаро А.А. ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатда 6 август куни номаълум шахс Амир Навоий кўчасида жойлашган меҳмонхона олдида аризачига 500 доллар эвазига Дубай шаҳридан «I-Phone 7» русумли телефон аппарати олиб келиб беришини айтган. Сўнгра номаълум шахс А.А.дан 500 доллар миқдорида пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан пулларни қўлга киритганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этилишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни К.Б. содир этганлиги аниқланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, мазкур жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.
Бундан аввал Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак ва Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўқонда устахонадан техника воситалари ва 150 минг сўм ўғирлаган жиноий шериклар ҳамда Риштонда «Cобалт»ини танишига сотиб, машинани унинг номига ўтказиб бермаган эркак ушлангани маълум қилинганди.