Риштонда «Cоbalt»ини танишига сотиб, машинани унинг номига ўтказиб бермаган эркак ушланди
Фарғона вилояти Риштон туманида «Cоbalt» автомашинасини танишига 10 минг 400 долларга сотиб, ҳужжатларни расмийлаштириб бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Риштон туманида 2018 йилнинг февраль ойида Қ.Ў. таниши М.И.нинг ишончига кириб, тегишли банк томонидан кредит эвазига гаровга қўйилган «Cоbalt» автомашинасини 10 минг 400 долларга сотиб, белгиланган муддатда кредит тўловларини тўлашини ва номига расмийлаштириб беришини айтган. Натижада берган ваъдасини бажармасдан қўлга киритган пул маблағини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек Тошлоқда терговдан яширингани учун қидирувда бўлган эркак ушлангани ҳақида айтилган.
Мавзуга доир: