Фарғонада танишини 63 минг доллар ва 100 млн сўмга «ухлатган» эркакка жиноят иши қўзғатилди
Фарғона шаҳрида танишини 63 минг доллар ва 100 миллион сўмга «ухлатган» эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 2018 йил апрель ойида содир бўлган. Маълум қилинишича Ю.A. таниши Ғ.Э.нинг ишончига кириб, Туркиядан пластик труба ишлаб чиқарувчи дастгоҳ олиб келишга ваъда қилиб, ундан 63 минг доллар ҳамда 100 миллион сўм олиб кетган. Aниқлик киритилишича, Ю.A. ваъдасини бажармасдан, пулларни эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллионлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.