Ўзбекистон ҳар бир фуқароси учун неча доза COVID-19 вакцинасини буюртма қилгани маълум бўлди

Ўзбекистон ҳар бир фуқаросига 1 дозадан коронавирусга қарши вакцина буюртма қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда 12 ноябрь куни АҚШнинг Дьюк университети ҳузуридаги «Global Health Innovation Center» томонидан тўпланган маълумотларга таяниб, « The Economist» нашри маълум қилди.

Фото: «Москва»

Таъкидланишича, марказ тадқиқотчилари ҳали тайёрланмаган вакциналарнинг олдиндан буюртмаси мавжуд бўлган бозор мажбуриятлари битимларини таҳлил қилган. Келажакдаги CОVID-19 вакциналарининг олтидан бир қисми АҚШ томонидан сотиб олинади. Бир нафар америкалик учун ҳукумат уч доза вакцина буюртирган. Умуман олганда, Америка Қўшма Штатлари бир миллиард доза вакцина сотиб олади. Канада ҳар бир фуқаросига энг кўп вакцинани олдиндан буюртма қилган: бир нафар канадаликка ўнта доза тўғри келади.

Фото: «The Economist»

Марказнинг тасдиқланган буюртмалар ҳақидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистон бир киши учун бир доза коронавирусга қарши вакцинага буюртма берган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитойнинг «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичини ўтказиш ҳақида келишувга эришган. Синов 5000 нафар кўнгиллида ўтказилади.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг хабар беришича, коронавирусга қарши вакцинани синовдан ўтказиш учун нафақат Хитойдан, балки Россия, Европа ва АҚШдан олиб келиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Россиянинг «Вектор» илмий маркази томонидан ишлаб чиқарилган вакцина рўйхатдан ўтказилгандан сўнг унинг қўшма синовларини ўтказишга қизиқиш билдирганди. Шунингдек, Ўзбекистон «Спутник-В» вакцинасининг 5000 дозасини ажратиш юзасидан Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилгани маълум бўлган.

Янгиликлар