Ўзбекистонда раҳбарликка тайинланувчилардан ўзбек тилини билиш даражаси бўйича сертификат талаб қилиниши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатни жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида аҳоли муҳокамасига қўйилди.

Фото : «Sumy.Today»

Лойиҳага кўра, 2021 йил 1 апрелдан раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилиши кўзда тутилган. Ушбу сертификат ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида берилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан раҳбарлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларга нисбатан давлат тилини билиш даражаси сертификатига эга бўлиши мажбурий этиб белгиланиши мумкин.

Таъкидланишича, раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар давлат тилини билиш даражаси бўйича тест синовларида иштирок этиш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашишлари талаб этилади.

Шунингдек, раҳбарлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун тузиладиган тест топшириқлари марказ ўқув дастурига мувофиқ шакллантирилади. Тузиладиган тест топшириқлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг талаблари асосида марказ тавсия этган мутахассислар томонидан шакллантирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши ҳамда Ўзбекистонда мансабдорларнинг қанча ойлик олиши очиқлангани маълум қилинган.

Янгиликлар