Ўзбекистонга Афғонистондан кирувчилар учун виза тартиби ўзгарди

Ўзбекистонга Афғонистондан кирувчи шахслар учун виза тартиби ўзгарди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 12 ноябрь, пайшанба куни Шавкат Мирзиёевнинг «Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган.

Фармонда Афғонистон фуқаролари ва ушбу давлат ҳудудидан кирувчи бошқа давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, истисно тариқасида, Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, шахсий ва паспорт назоратидан ўтган ҳолда (вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан) ўн кун давомида ҳудудга кириш, ҳудудда бўлиш ва ундан чиқиш тартиби белгиланган.

Фармонга мувофиқ, «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудудини қисқартириш ҳисобига «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ва «Термиз халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилган.

Шунингдек, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида, жумладан:

  • замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари ва электрон савдо порталлари ташкил этилади;
  • «ягона дарча» ва бошқа хизматлар йўлга қўйилади;
  • Афғонистондан кирувчи шахсларнинг, истисно тариқасида, Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, шахсий ва паспорт назоратидан ўтган ҳолда 10 кун давомида ҳудудда бўлиш тартиби жорий этилади;
  • тадбиркорлар томонидан чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга реализация қилинадиган ҳамда Афғонистонга олиб чиқиладиган товарлар ва хизматлар экспортга тенглаштирилади;
  • чет эл товарлари «эркин божхона зонаси» божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда, истисно тариқасида, ушбу товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат этилади.

Бундан ташқари, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудига Афғонистон томонидан кириш ва ундан чиқиш «Термиз-автойўл» ўтказиш пунктидан махсус техник воситалари билан жиҳозланган алоҳида йўлак (коридор) орқали амалга оширилиши белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда яшаётган хорижий фуқароларнинг виза муддати узайтирилгаи ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар