Олий суд фуқароларни қабул қилмаётгани ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди

Олий суд фуқароларни қабул қилмаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот берилди. Унга кўра, мамлакатда карантин чоралари кучайтирилган вақтда судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилган.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, мамлакат ҳудудида карантин чоралари кучайтирилган вақтларда Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси судларида CОVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида»ги қарорига асосан, мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, шу жумладан, Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари қабули махсус буйруқ чиққунга қадар тўхтатиб турилган. Шикоят ҳамда аризалар судларга фақат электрон шаклда қабул қилинufy ва уларнинг амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилиши таъминланган.

Судларга электрон мурожаатлар, шунингдек, Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш Олий суднинг интерактив хизматлари портали орқали ҳам амалга оширилган. Маълум қилинишича, 2020 йил мобайнида Олий суд раҳбарияти томонидан жами 5 896 нафар фуқаро қабул қилинган. Уларнинг 1 876 нафари бевосита Олий судда, 3846 нафари сайёр қабулларда, 174 нафари видеоконференсалоқа тизими ёрдамида қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йил мобайнида Олий суд раиси томонидан 341 нафар (бевосита Олий судда 254 нафар, видеоконференсалоқа тизими орқали эса 87 нафар) фуқаро қабул қилинган. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари томонидан 2020 йил мобайнида 428 нафар (бевосита Олий судда 28, сайёр қабулларда 392 нафар, видеоконференсалоқа тизими орқали 8 нафар) фуқаро қабул қилинган. Олий суд раисининг ўринбосари томонидан 1 472 нафар (бевосита Олий судда 685, сайёр қабулларда 775 нафар, видеоконференсалоқа тизими орқали 12 нафар) фуқаро қабул қилинганини айтиб ўтишимиз муҳимдир. Олий суд раисининг яна бир ўринбосари томонидан эса 2 416 нафар (бевосита Олий судда 113, сайёр қабулларда 2 303 нафар) фуқаро қабул қилинган.

Бундан ташқари, 2020 йил 4-чорагида Олий суд қабулхонасига ташриф буюрган 631 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари қабул қилиб олинган ва ушбу мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши таъминланган. «Пандемия муносабати билан Олий суд раҳбарияти томонидан фуқаролар қабулини тўлақонли амалга ошириш имконияти бўлмаганлиги, ўз навбатида, айни шу мураккаб вазият сабабли баъзи фуқароларга судга мурожаат қилиши учун ноқулай вазият юзага келганлигини инкор эта олмаймиз. Бугунги кунда Олий суд раҳбарияти, умуман айтганда, судларда фуқароларнинг қабули белгиланган тартибда ва карантин қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб, аввалроқ Ўзбекистонда илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёни онлайн ёритилиши ҳақда хабар берилганди.