Президент Чилонзор ҳокими ёлвориб, 3 ой ичида вазифасини бажаришга ваъда бергани учун уни ишдан олмаганини айтди

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов Президент томонидан белгиланган вазифаларни уч ой ичида бажаришга ваъда бериб, лавозимида қолди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев туманлар ҳокимлари қатнашган мажлисда Юнусободнинг 63 та маҳалласининг янги иш тизимини муҳокама қилган. Махсус ишчи гуруҳ маҳаллаларнинг ривожланиш даражаси, мавжуд муаммолари ва имкониятларини ўрганиб чиқққан. Бош вазир ўринбосарлари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Юнусобод туманини ривожлантиришнинг 2021—2022 йилларга мўлжалланган комплекс дастурини тақдим этган.

Фото: «Gazeta.uz»

Худди шундай иш тизимини Тошкентнинг бошқа туманларидаги маҳаллаларда ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бу ҳақда гапирганда, Президент Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметовни лавозимидан озод этиш ҳақида ўйлагани, аммо ҳоким уч ой ичида топшириқларни бажаришга ваъда берганини айтган.

«Мен Чилонзор тумани ҳокимига у қолиши ёки қолмаслиги тўғрисида кўрсатма бердим. Уни лавозимидан озод қилмоқчи эдим, лекин у ёлвориб, буни уч ой ичида бажара олишини айтди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сарвар Маҳаметовни мақтагани ва унинг «адвокати» сифатида ҳаракат қилганини айтган.

«У телевизорда аҳолига Чилонзорда нималар ўзгарганини айтиши керак. Тушунарлими ёки йўқми? Менга мақтов керак эмас, адвокат бўлиш ҳам шарт эмас», — дейди Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳокимига мурожаат қилиб.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентда Президент университети очилишини айтгани ҳақида маълумот берилган эди.

Янгиликлар