Ўзини «Кадастр» ходими деб таништириб фуқаролардан фирибгарлик билан пул ундираётган шахс ушланди
Жалақудуқда ўзини «Кадастр» ходими деб таништирган фирибгар ҳамда Жондор туманида Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси филиали мутахассиси жиноят устида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Teznews’га хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро М.К. фуқароларга ўзини туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходими деб таништириб, фуқаро М.А. ва унинг қўшнисига уй-жой қуриш учун «Ҳақиқат» МФЙ ҳудудидан ҳар бирига 6 сотихдан 12 сотих ер майдони олиб беришга ишонтириб, эвазига 1 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган.
Шундан сўнг, суриштирув натижасида фуқаро М.К. туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Маълумотга кўра, фуқаро М.К. муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган.
Шунингдек, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Жондор тумани филиали мутахассиси Ф.С. фуқаро Р.нинг ишончига кириб, унинг 23 сотих ер майдонини деҳқон хўжалиги номига расмийлаштириш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига, 500 АҚШ доллари ва 2 млн сўмни олишга уринганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 168-моддаси ва 28-,211-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир: