Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражада белгилади

Марказий банк бошқаруви 16 мартдаги йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтгани кузатила бошлади. Қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда. Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши 2022 йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини бериши айтилган.

Йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.

«Маълумот учун, январ-феврал ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бир оз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтганлиги кузатилмоқда», дейилади Марказий банк хабарида.

Шунингдек, мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди бу йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашган.

Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январ натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлигини кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 апрелга белгиланган.