Жомбойда алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди
Самарқанд вилояти Жомбой туманида алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Й.С.дан ундирувчи Д.Мухторовага икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган. Қарздор Й.С.нинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган. Аммо унинг номида мол-мулклар аниқланмаган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор ота бир неча марта огоҳлантирилган. Оқибатда умумий қарз миқдори 5 миллион 868 минг сўмга етган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддаси 1-қисми билан Жомбой туман маъмурий судига юборилган. Суд ҳуқуқбузарга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинлаган.
Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.