Эскирган тармоқларни янгилаш орқали электр узилишига барҳам берилади
Бугунги кунда узилишларнинг асосий сабаби – тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскирганлиги.
Ёз ёки қиш фаслида уйимизда тез-тез свет ўчиб қолишининг сабаби айнан шунга боғлиқ. Ақл бовар қилмайди, бироқ юртимиздаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси ўз ҳаётини яшаб бўлган. Айнан шунинг учун қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ бўлса, дарров қаерлардадир ток ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Тармоқларнинг эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришда ҳам йўқотишлар кўп бўлмоқда. Агар ривожланган давлатларда бу миқдор 7-8 фоизни ташкил қилса, бизда 20-25 фоизгача етади.
Бу нима дегани? Айтайлик, жорий йилда 70 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тармоқнинг эскиргани туфайли унинг 14–17,5 миллиард киловатт-соат ҳажмдагиси истеъмолчига ҳам етиб бормаяпти.
Йўқотилаётган мазкур 14 миллиард киловатт/соат электр энергияси эса бир ойда ўртача 200 киловатт/соат ток ёқадиган 5 миллион 833 мингтадан ортиқ истеъмолчининг
1 йиллик истеъмолига тенгдир.
Бундан ташқари, охирги йилларда жуда кўп қурилишлар қилинди, янги тураржойлар қурилди. Халқимиз ҳаёти фаровонлашиб, кўпчилик 3-4 хонали эски уйини бузиб, кимдир икки, яна кимдир уч қаватли, камида 10-15 та хонали уй-жой қуриб олди. Бироқ ўша ҳудудларнинг аксариятида трансформаторлар, электр симлари эскилигича қолди.
Бундан 30-40 йил олдин битта трансформатор ҳудуддаги уйларда ёқиладиган ўртача 3-4 мингта лампочка, ҳар битта хонадон учун битта телевизор, битта чангюткич ва битта холодильник ҳисобга олиниб ўрнатилган эди. Оқибати ўйланмасдан амалга оширилган қурилишлар туфайли бугун ўша трансформатор 10-15 мингта лампочка, аксарият хонадонларда 3-4 та телевизор, 2-3 та холодильник, 2-3 та кондиционер, компьютер, микротўлқинли печь, ноутбук, 10 тагача мобиль телефонлар, чангюткич, кир ювадиган машина, идиш-товоқ ювадиган машина ва бошқа замонавий электр жиҳозларини ёқиш учун электр энергияси етказиб беришга мажбур бўляпти.
Оддий айтганда, 50 кило юк кўтара оладиган одамнинг устига 250 килогача юк ташлаб қўйилиб, ундан буни кўтаришини талаб ҳам қиляпмиз.
Бунга барҳам бериш учун эса тармоқда чуқур модернизациялаш ишларини олиб бориш лозим. Аммо бу жуда қийин иш. Чунки свет ўчишига тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақт талаб қилади.
Хусусан, 2030 йилга қадар катта кучланишни кўтара оладиган 9 минг 885 километр электр симлари ва умумий қуввати 37 минг 290 мегаватт-ампер бўлган 53 та подстанция қурилиши белгиланган.
Бу ишлаб чиқарилган электр энергиясининг атиги 5-6 фоиз йўқотиш билан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Натижада бугун йўқотилаётган электр энергиясининг
11–14 миллиард киловатт-соати сақлаб қолинади. Бу эса бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қиладиган 4 миллион 583 мингдан зиёд истеъмолчининг бир йиллик электр сарфига тенгдир.
Шунингдек, жами узунлиги 6 минг 195 километрдан иборат 500 киловольтли ва 3 минг 690 километрли 220 киловольт қувватга мўлжалланган электр узатиш кабеллари ҳамда умумий қуввати 26 минг 640 мегаватт-ампер бўлган 22 та 500 киловольт ва умумий қуввати 10 минг 650 мегаватт-ампер бўлган 31 та 220 киловольт подстанциялар, умумий қуввати 2 минг 918 мегаватт бўлган энергия сақловчи (батарея) қурилмалари қурилади. Бунинг натижасида эса тармоқлардаги узилишларга тўлиқ барҳам берилади.
Чунки бу юмушларнинг амалга оширилиши орқали электр узатиш тармоқларининг узунлиги 90 фоиз оширилиб, умумий узунлиги 22 минг километрга, юқори қувватли подстанциялар сони 62 фоиз оширилиб, 138 тага етказилади.
Шу билан бирга, 2023 – 2030 йилларда республика ҳудудларида 0,4-110 киловольт кучланишли тақсимлаш электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш дастури бўйича 109 минг 858 километр электр узатиш тармоқларини, 52 та 35-110 киловольт қувватга эга подстанцияларни ва 34 минг 908 та трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган.
Бу ишлар якунига етгач, республикадаги 7,4 миллион истеъмолчининг 3,5 миллионтадан ортиғида электр таъминоти яхшиланади. Бошқача айтганда, келгуси 40 йил мобайнида уларнинг электр таъминотида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Хулоса
Узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли – бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Бунинг учун эса соҳага қўшимча маблағ киритиш зарур, аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш керак. Электр ва газ тарифларининг ўсиши, ўз навбатида, бир томондан, тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам берса, иккинчи томондан, аҳолини электр энергиясини тежашга ўргатиб боради.
Чунки энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.