Самарқанд вилояти суди сўнгги 9 ойда қанча ишни кўриб чиққани маълум бўлди
Самарқанд вилояти суди 2020 йилнинг сўнгги 9 ойида қанча ишни кўриб чиққани маълум бўлди. Бу ҳақда «ZarNews» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг сўнгги 9 ойида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди биринчи инстанциясида 312 та, шундан даъво тартибида 311 та ва алоҳида тартибда 1 та иш кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишлар натижасида 290 та даъво, яъни шикоят ва аризалар қаноатлантирилган. Шундан 20 та даъво тартибидаги талаб рад қилинган ва 2 та даъво тартибидаги фуқаролик иши юритилиши тугатилган.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 128 та (2019 йилнинг 9 ойида 184 та) фуқаролик иши кўриб чиқилган. Туманлараро, туман ва шаҳар судлари томонидан эса ўтган уч чоракда 14 минг 460 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган. 11 минг 159 та даъво талаблари қаноатлантирилиб, 1 927 та талаб рад этилган, 631 та фуқаролик иши юритилиши тугатилган. 743 та ариза эса кўрмасдан қолдирилиб, 655 та иш бошқа судга юборилган.
Ишлар юзасидан 240 та (2019 йилнинг мос даврида 522 та) хусусий ажримлар чиқарилган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларининг ҳар бир судьяси ўртача ойлик иш ҳажми 80,3 (69,9) та фуқаролик ишини кўриб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти давлат солиқ идораларига ўтган 9 ойда қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида 800 дан ортиқ ёшнинг ишсизлиги маълум бўлганди.