Ўзбекистонда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш тизими жорий этилади.  Бу ҳақда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ахборот хизмати

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Миллий сериаллар тизими яратиш ва ўзбек телеканалларида хорижий сериаллар улушини камайтиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинган. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ўзбекистонда бу тизим аллақачон жорий этилаётганини маълум қилган.

Ассоциация «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда нодавлат телеканаллари иштирокида миллий сериаллар ишлаб чиқариш чора-тадбирлар режаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. Режага мувофиқ 2020—2021 йиллар давомида 12 та миллий сериал, 6 та бадиий сериал яратилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат топшириқларига асосан амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, ҳамкорликда миллий сериаллар ишлаб чиқариш учун «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва ассоциация нодавлат телеканаллари билан музокаралар олиб борди. Ҳозирча «Меning Yurtim», «Zo’r TV» ҳамда «Sevimli» телеканаллари билан келишувга эришилган. Унга кўра, «Қодирхон», «Маҳалладошлар», «Менинг маҳаллам», «Она замин», «Орзулар палатаси», «Мактаб менинг ҳаётим», «Дард» ва бошқа жами 12 та миллий сериал ишлаб чиқарилади. «Ўзбеккино» МА ва хусусий телеканаллар билан тенг улушда молиялаштириладиган сериаллар учун нодавлат телеканаллар ҳисобидан жами 12 миллиард 850 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳамкорликдаги сериаллар 2020 йилнинг декабрь ойиданоқ эфирга узатилади.

Шунингдек, «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан суратга олинган тарихий фильмларнинг бадиий сериал вариантини тайёрлаш йўлга қўйилди. «Саид ва Саида», «Қўқон шамоли» шулар жумласидандир. «Авлоний», «Ибрат», «Муҳаббат баҳори» ва «Маҳмудхўжа Бехбудий» каби бадиий фильмларнинг бадиий сериаллари ҳам тайёрланмоқда. Тайёрланган бадиий фильмдан бадиий сериал яратиш учун катта миқдордаги маблағ талаб этилмаслиги айтилган.

Илк бора жорий этилаётган давлат ва хусусий шерикчилик асосида миллий сериаллар ишлаб чиқариш тизими сериаллар бюджети ошиши ва бу уларнинг сифат даражасига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шунингдек, миллий сериаллар саноатининг яратилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ «Ибрат» фильми Оскар мукофоти учун Ўзбекистондан номзод этиб кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар