«Биз ўзбек киноси даражасини бир тийин қилиб ташлаяпмиз». Умид Искандаров миллий кинолар ҳақида гапирди

Актёр Умид Искандаров шоир, актёр, продюсер ва режиссёр Аҳад Қаюм билан келиб чиққан низо сабабли ўтказилган «Очиқчасига гаплашамиз» ток шоусида хориж киночиларининг ўзбек кино ижодкорларига бўлган муносабати ҳақида айтиб ўтди.

Кадр: YouTube

Умид Искандаров кўрсатув давомида ҳозирги ўзбек кино ижодкорлари миллий киноматография даражасини пастга тушираётганини айтган.

«Аҳад, сенга битта мурожаатим бор. Бу шахсан сенга эмас, умуман, кино даражаси бор-ку, сифат даражаси, актёрлик қобилияти даражаси, умумий даражаси… Кўп юраман мен, билсанг агар, Қозоғистонга чиқаман кўп, Россия томонларга ўтаман.

Мени энг ғазаблантирадиган нарса уларнинг киночилари билан кўришсак, бизни бир тийинга олмайди. Нимага, деб сўрасанг, сизларни кинонгиз ҳали чақалоқ, шаклланяпти, дейди. Бир хил киноларимиз ТОП 10 таликда туради. ‘Олтин архивʼларда туради. Тушуняпсанми? Биз ўша даражани бир тийин қилиб, ерга сочиб ташлаяпмиз», — дея таъкидлаган актёр.

Умид Искандаровнинг фикрларига жавобан Аҳад Қаюм кино соҳасида омади келмагач, чет элга ишлаш учун кетаётганларни олиб қолиш учун, сифатсиз бўлса ҳам, кино олиб туриш кераклигини айтган.

«Бошқа томони бор. Умид ака, сизга ўхшаган санъат институтини тугатган, Азиз акамга ўхшаган санъат институтини тугатган йигитларимиз, қизларимиз ҳар куни офисимга келади. Ака дейди, агар яна бир ой ҳаракат қилсам қиламан, бўлмаса, Россияга кетаман, дейди. Шунақа кетгандан кўра, ’хотяби‘, 20 та одамга ойлик бериб, ушлаб туриб, қанақадир А категория, Б категория, C категория бўлсин, майли, C категориядаги фильмлар бўлсаям, бериб турайлик-да», — деган шоир.

Маълумот учун, Умид Искандаров интервьюларининг бирида Аҳад Қаюмга кино олишни йиғиштиришни айтган. Шунингдек, актёр шоирни ёш актёр-актрисаларга устоз бўла оладиган ижодор эмас, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

Шундан сўнг Аҳад Қаюм Умид Искандаровга қайтарган жавобида ўз ишларига аралашмаслигини сўраган. Шунингдек, шоир кино соҳасидаги фаолиятига ижод деб эмас, бизнес деб қарашини билдирган.

Аввалроқ хонанда Санжай ўзбеклар ўртасида бирдамлик йўқлигини айтгани учун танқид қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Комил Алламжонов хусусий телеканалларда хорижий сериалларни камайтириш ҳақидаги баҳсларга муносабат билдирган.